Ўзбекистонда рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича илмий таҳлиллар фаоллашмоқда
100 дан ортиқ бозор таҳлил қилинди, 20 дан зиёд халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди – Ўзбекистонда янги илмий марказ ҳисобланган Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази соғлом рақобат сиёсатига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 108-сонли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлдаги қарорига асосан ташкил этилган Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ўз фаолиятини фаол давом эттирмоқда.
Марказ бугунги кунда мамлакатимизда рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илғор халқаро тажрибалар ҳамда замонавий эконометрик моделлардан фойдаланган ҳолда чуқур таҳлиллар олиб бормоқда. Ушбу ёндашувлар таҳлилларнинг илмий асосланган ва самарали бўлишини таъминлайди.
Марказ фаолияти нафақат рақамли маълумотларни йиғиш, балки иқтисодий салоҳиятни ошириш, импортга қарамликни камайтириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегик қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.
Таҳлиллар натижалари мамлакатдаги айрим товар бозорларида маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Бу натижалар мунтазам равишда эълон қилиниб, истеъмолчиларнинг хабардорлигини ошириш билан бирга, ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор имкониятларини яратиб беради.
Ҳозирги кунга қадар Марказ томонидан 100 дан ортиқ маҳсулот тури бўйича бозор тўйинганлиги таҳлил қилинган. Бу маълумотлар ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ва тадбиркорлар учун ишончли манба сифатида хизмат қилади.
Шунингдек, Марказ 20 дан зиёд маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ҳамда англашув меморандумларини имзолаган. Бу ҳамкорликлар тадқиқотларнинг халқаро мезонларга мувофиқлиги ва сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
