PayPal, Google Pay ва Apple Payни Ўзбекистонга олиб келиш
Ўзбекистонда PayPal, Google Pay, Apple Pay ва бошқа тўлов хизматларини ишга тушириш режалаштирилган. Республика Марказий банкига жорий йил охиригача мазкур компаниялар билан музокаралар олиб бориш ва уларнинг Ўзбекистон тўлов тизимлари билан интеграциялашувини йўлга қўйиш топширилди.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 18-сентябрдаги “Мамлакат туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2024-йил охиригача сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва самарали бизнес жараёнларини шакллантириш мақсадида Марказий банк Рақамли технологиялар вазирлиги ва Туризм қўмитаси билан биргаликда PayPal, Alipay, UniPay, Apple Pay ва Google Pay халқаро тўлов компаниялари билан музокаралар олиб бориши ва уларни Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматлари билан интеграциялашувини йўлга қўйиши лозим.