«Иқтисодиёт фанининг миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги роли ва ҳиссаси» мавзусида илмий мулоқот — стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
Мазкур тадбир мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва ақл марказларини бир майдонга жамлаб, иқтисодий йўналишларда тўпланган илмий тажриба ва методологик ёндашувларни ўзаро алмашишга хизмат қилди.
- Қатнашчилар ўз соҳаларидаги долзарб масалалар бўйича илмий хулосаларини тақдим этиб, иқтисодий ислоҳотларни илмий асослаш ҳамда бозор тизимларини таҳлил қилишдаги самарали тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
- Ушбу тадбир академик ҳамкорликни кучайтириш, қўшма тадқиқотлар йўналишларини белгилаш ва илмий интеграцияни янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.
Тадбир доирасида
Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори, и.ф.д. Олимжон Жумаев рақобат муҳитини баҳолаш, тармоқлардаги тенденциялар ва бозор ислоҳотларининг илмий асосларига оид Марказнинг таҳлилий ёндашувлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Йиғилиш якунида Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжат икки марказнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириб, илмий-тадқиқот фаолиятини чуқурлаштириш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва миллий иқтисодиёт ривожига илмий асосланган таклифлар беришда муҳим аҳамият касб этади.



