Президентимиз учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди.
Бозорларимиздаги тўкинлик, нарх-наво барқарорлиги, аҳолининг истеъмол талаби ортиб бораётгани – турмуш сифати яхшиланаётганини кўрсатадиган энг асосий омил.
Ички талабни рағбатлантирадиган муҳим факторлардан бири, бу инфляция даражасидир.
Тўққиз йилда қулай бизнес муҳити яратилиб, товар ва хизматлар ҳажми ва тури кўпайтирилгани, кам даромадли оилалар учун йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит берилаётгани, инфляция даражаси “бир хонали” рақамга туширилгани натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.
Ўтказилган сўровлар ҳам, халқаро экспертлар таҳлиллари ҳам 75 фоиз аҳолининг молиявий ҳолати кескин яхшиланганини тасдиқламоқда.
“Албатта, бу натижалар билан чекланиб қолмасдан, халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз”,
– деди Президентимиз.

