Республикадаги 13 мингдан зиёд дорихоналар томонидан ўтган йили 24 триллион сўмлик дори воситалари сотилган. Бундан ташқари, давлат харидлари орқали йилига 5 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари олинмоқда.
Ҳудудлардаги масъуллар қайси дорига қанча талаб борлигини, унинг қанчаси импорт бўлаётганини ҳисоб-китоб қилмагани, ишлаб чиқарувчи ва импортчилар билан учрашиб, зарур дориларни маҳаллийлаштириш масаласини ўрганиб кўрмаганига эътироз билдирилди.
Юртимизда жами 58 та фармацевтика корхонаси 2,5 минг турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда.
Формуласи оддий, ишлаб чиқариш унча мураккаб бўлмаган ибупрофен, парацетамол, диклофенак каби оғриқ қолдирувчи дориларни ўзимиздаги 20 дан ортиқ фармацевтика корхоналари ишлаб чиқармоқда.
Худди шу каби, ортиқча сертификат талаб қилмайдиган қон кўпайтирадиган калий, кальций, темир, цинк, магний, йод, витамин Б, C ва D каби оддий биологик фаол моддаларни ҳам тегишли сифат талаблари ва стандартларга қатъий риоя қилган ҳолда ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
