Сувни филтрлаш ёки тозалаш учун ускуна ва қурилмалар бозори таҳлил қилинди
Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан сувни филтрлаш ёки тозалаш учун ускуна ва қурилмалар бозоридаги рақобат муҳити ҳамда ички бозорнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўйинганлиги даражаси ўрганилди.
2024 йилда 708 та корхона томонидан 41 та давлатдан қиймати 47,7 млн АҚШ долларига тенг бўлган 853 минг дона сувни филтрлаш ёки тозалаш учун ускуна ва қурилмалар импорт қилинган. Импорт қилинган маҳсулотларнинг 73 фоизи – Хитой, 11 фоизи – Россия, 9 фоизи – Туркия, 7 фоизи эса бошқа 38 та давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Импортнинг концентрация даражаси ўрганилганда эса энг йирик 5 та импорт қилувчи корхона ҳиссасига жами импортнинг 46 фоизи тўғри келган.
Таҳлиллар доирасида сувни филтрлаш ёки тозалаш учун ускуна ва қурилмалар маҳсулотини ишлаб чиқариш бозоридаги рақобат ҳолати халқаро тан олинган HHI (Ҳерфиндал-Ҳиршман индекси) орқали баҳоланганда, индекс натижаси 5 минг 819 пунктга тенг бўлганлиги ва ушбу товар бозорида рақобат муҳити ривожланмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, сувни филтрлаш ёки тозалаш учун ускуна ва қурилмаларнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўйинганлик даражаси 2024 йилда 4,3 фоизни ташкил этганлиги аниқланди.
