Глобал иқтисодий барқарорлик: янги хатарлар ва таркибий ўзгаришлар
Халқаро ҳисоб-китоблар банкининг 2026 йилги ҳисоботида глобал иқтисодиётда барқарорлик сақланиб қолаётгани, бироқ уни узоқ муддатли таркибий мустаҳкамлик сифатида баҳолашга ҳали эрта экани қайд этилган.
Ҳисоботда таърифларнинг ошиши, геосиёсий хатарлар ва таъминот занжирларидаги ўзгаришларга қарамай, иқтисодий ўсиш давом этгани таъкидланади. Шу билан бирга, сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, яримўтказгичлар ва энергетика соҳаларига инвестициялар глобал иқтисодий фаолликнинг муҳим драйверларига айланмоқда.
Бироқ активлар қийматининг юқорилиги, қарз юкининг ортиши ва технологик инвестициялардан юқори натижалар кутилиши молиявий барқарорлик учун янги хатарларни юзага келтирмоқда. Геосиёсий омиллар ва энергетика бозоридаги ўзгаришлар эса инфляция босимининг узоқроқ сақланишига сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур тенденциялар рақобат муҳитининг барқарорлиги, товар ва молия бозорларини тизимли мониторинг қилиш, таъминот занжирларини диверсификациялаш ҳамда рақамли технологияларнинг бозорларга таъсирини чуқур таҳлил қилиш заруратини кўрсатади.
Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашда рақобат сиёсати, молиявий барқарорлик, диверсификация ва технологик ривожланишни ўзаро боғлиқ омиллар сифатида баҳолаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
