Навоий вилоятида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари ўрганилди
Давлатимиз раҳбарининг ПФ–193-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази масъул ходимлари томонидан Навоий вилоятида илмий ва амалий ўрганишлар олиб борилди.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган 5 134 турдаги товарнинг 1 495 тури (29 фоизи) Навоий вилоятида ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Республикага импорт қилинаётган 9 049 турдаги маҳсулотнинг 1 955 тури вилоят бозорига кириб келмоқда. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 55 фоизи жаҳон ўртача кўрсаткичидан юқори мураккаблик даражасига эга.
Гарвард университетининг Иқтисодий мураккаблик индекси методологияси асосида 1 242 турдаги маҳсулот бўйича ишлаб чиқариш имкониятлари баҳоланиб, 300 дан ортиқ маҳсулот танланма асосида ўрганилди. Натижада 30 турдаги маҳсулот бўйича ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси белгиланган меъёрдан паст экани аниқланди.
Ўрганишлар давомида Хатирчи туманидаги 50 дан ортиқ маҳаллада хатлов жараёнлари жойига чиқиб ўрганилди ва мавжуд муаммолар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. шунингдек вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари учун ПФ–193-сон Фармон ижросига бағишланган тренинг машғулотлари ўтказилди.









