Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун истиқболли маҳсулотлар таҳлил қилинди
Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан Гарвард университети Тараққиёт лабораториясининг Иқтисодий мураккаблик индекси натижалари асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун истиқболли маҳсулотлар таҳлил қилинди.
Таҳлилга кўра, Ўзбекистон 145 та мамлакат орасида иқтисодий жиҳатдан энг мураккаб 70 та давлат қаторига кирган. Мамлакатимизнинг мазкур рейтингдаги ўрни сўнгги 5 йилда 24 поғонага яхшиланган.
Ишлаб чиқариш имкониятлари ва маҳсулотларнинг мураккаблик даражаси асосида 50 турдаги истиқболли маҳсулот аниқланди. Уларнинг 15 таси бўйича мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажми паст экани маълум бўлди. Айни пайтда ушбу маҳсулотларга йиллик ташқи талаб 1 млрд АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўртача йиллик ўсиш суръати 2034 йилга қадар 5,4 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Мазкур 15 турдаги маҳсулот бўйича мавжуд қувватларни кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш экспортни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қиймат яратиш ва мамлакатнинг технологик салоҳиятини ошириш учун муҳим имконият ҳисобланади.
