Жаҳонда электр энергиясига талаб ортиб бормоқда
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, электр энергияси истеъмоли 2026 йилда 3,6 фоизга, 2027 йилда эса 3,8 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунда саноат билан бир қаторда электромобиллар, кондиционерлар, маълумотлар марказлари ва сунъий интеллект инфратузилмаси ҳам муҳим омилга айланмоқда.
Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариши 2026 йилда 8 фоиздан ортиқ ўсиши, унинг глобал электр энергиясидаги улуши эса 2027 йилга бориб 37 фоизга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, электр тармоқларининг ишончлилиги, энергияни сақлаш ва тизим мослашувчанлиги тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу тенденция Ўзбекистон учун ҳам долзарб. 2030 йилга бориб саноатнинг электр энергияси истеъмоли 38 млрд кВт·соатдан 53,5 млрд кВт·соатгача ошиши, генерация қуввати эса 46,1 ГВтга етказилиши режалаштирилган.
Мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 6,3 ГВтдан ошган, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
Эндиликда асосий масала нафақат янги қувватларни яратиш, балки барқарор ва мақбул нархдаги электр таъминотини таъминлашдир. Бу AI, илғор саноат ва рақамли хизматларга инвестицияларни жалб этишда муҳим рақобат омилига айланмоқда.
