Иқтисодий ўсиш ва рақобат муҳити таҳлили
Жаҳон банкининг 2026 йилги Europe and Central Asia Economic Update ҳисоботида муҳим бир масала кўтарилган: юқори иқтисодий ўсишни узоқ муддат сақлаб қолиш учун инвестиция ҳажмининг ўзи етарли эмас — бизнеснинг бозорга кириши, кенгайиши ва рақобат қила олиши ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг тартибга солиш муҳити бўйича кўрсаткичи минтақадаги қатор давлатлардан юқори, бироқ юқори даромадли мамлакатлар ва Европа Иттифоқининг ўртача даражасидан ҳали паст. Шу билан бирга, айрим маъмурий жараёнларда натижалар сезиларли: масалан, Ўзбекистонда қурилиш учун рухсат олиш икки ҳафтадан кам вақтни, бизнесни электр тармоғига улаш эса тахминан икки ҳафтани ташкил этади.
Бироқ бизнес муҳитининг сифати фақат рухсатнома олиш тезлиги билан ўлчанмайди. Жаҳон банки бозорга кириш ва ундан чиқиш механизмлари, давлат корхоналари ва хусусий бизнес ўртасидаги рақобат нейтраллиги, молиялаштиришга кириш, божхона жараёнлари ҳамда инфратузилма сифати ҳам бизнес фаоллиги ва корхоналар ривожланишига бевосита таъсир қилишини таъкидлайди. Масалан, самарасиз корхоналарнинг бозордан чиқишини қийинлаштирадиган банкротлик ва тўловга қобилиятсизлик тартибларининг етарлича самарали ишламаслиги капитал ва меҳнат ресурсларининг самаралироқ компанияларга ўтишини секинлаштиради.
Бу жиҳат Ўзбекистон иқтисодиёти учун айниқса муҳим. Кейинги босқичда вазифа фақат янги корхоналар сонини кўпайтириш эмас, балки самарали корхоналарнинг тезроқ ўсиши учун шароит яратишдир. Бунинг учун бозорга киришдаги тўсиқларни камайтириш билан бирга, давлат ва хусусий корхоналар учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш, капиталга кириш имкониятларини кенгайтириш ва самарасиз бизнесларнинг бозордан чиқиш механизмларини такомиллаштириш зарур.
