Товар бозорлари юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар тўплами тақдим этилди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Рақобат қўмитаси томонидан мамлакатимизда тадбиркорлик ва инвестиция имкониятлари мавжуд бўлган товар бозорлари юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар тўпламини тақдим этади.
Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази 2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки ойларида амалга оширилган таҳлиллар натижасида:
- 2025 йил ва 2026 йил январ-апрел ойларида жами 94 турдаги товар бозорларида маҳаллий маҳсулотлар улуши белгиланган кўрсаткичдан паст эканлиги аниқланди;
- 2026 йил январь–февраль ойларида рақобат муҳити етарли даражада шаклланмаган ҳамда ички бозор тўйинмаган 20 турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча таҳлиллар амалга оширилди;
- Эркин иқтисодий зоналар мурожаатлари асосида 105 та товар бозори ўрганилиб, 55 та товар бозорида тўйинганлик даражаси паст эканлиги юзасидан хулосалар берилди.
Марказ томонидан товар бозорларининг тўйинганлик даражаси билан бир қаторда, нархлар динамикаси, қисқа муддатли прогнозлар, бизнес фаоллиги индекси ва ҳудудий рақобатбардошлик индекси каби таҳлилий инструментлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Бу эса тадбиркорлар ва инвесторлар учун ички бозорда талаб юқори бўлган йўналишларни аниқлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ҳудудлар кесимида инвестиция салоҳиятини баҳолаш ва бозорга кириш бўйича қарорларни ишончли маълумотлар асосида қабул қилиш имконини яратади.
Таҳлил натижалари Қўмита ва Тадқиқотлар марказининг расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мунтазам эълон қилиб борилмоқда.
Батафсил: https://raqobat.gov.uz/uz/toyinganlik/
Шу билан биргаликда, қўшимча маҳсулотлар бўйича таҳлил ўтказиш ва улар тўғрисида маълумотларни олишни истасангиз Рақобат қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.
