Ходимлар малакасини оширишга эътибор қаратилмоқда
Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан Қўмита ва унинг ҳудудий органлари ходимлари учун “FAIR TECH” ягона ахборот тизими ҳамда унинг таркибидаги модуллардан фойдаланиш бўйича икки кунлик малака ошириш ўқув курси ташкил этилди.
Ўқув курси давомида иштирокчиларга “FAIR PRICE”, “Product Info”, “FARM INFO”, “Истеъмолчи мурожаати”, “Тендер савдолари”, “KPI”, “Концентрация”, “Marketplace” ва “Биржа назорати” каби модуллардан фойдаланиш тартиби ҳамда Қўмитанинг интерактив хизматлар портали (my.fairtech.uz) имкониятлари бўйича назарий ва амалий билимлар берилди.
Ўқув курси якунида Рақобат қўмитаси раиси иштирокида ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ахборот тизимини қўллаш жараёнида учраётган муаммолар, уларнинг ечимлари ҳамда тизимни янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўқув курси якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Мазкур ўқув курси Қўмита тизимида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда ходимларнинг касбий кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


