Энг юқори самарадорликка эришишни аниқ ҳисоб-китоб қилиш кераклиги қайд этилди
Ҳокимлар ҳар бир туманда қайси тармоқни қандай ривожлантириш, қайси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали энг юқори самарадорликка эришиш мумкинлигини аниқ ҳисоб-китоблар асосида белгилаши зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун иқтисодиётнинг 12 та тармоғига 14 та «ақл маркази», шунингдек, 37 та соҳавий илмий-тадқиқот институти ва олий таълим муассасаси номма-ном бириктирилди.
Жумладан, қурилиш материаллари тармоғи бўйича «ақл маркази» сифатида Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази, Материалшунослик институти ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш университети бириктирилди.
Ушбу муассасалар янги турдаги қурилиш материалларига бўлган талабни, мазкур талабни қондириш учун қайси туманда қандай инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини, қандай технологиялардан фойдаланиш ва қайси йўналишларда кадрлар тайёрлаш зарурлигини таҳлил қилади.
Барча тармоқ раҳбарларига «ақл марказлари», соҳавий илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мазкур ёндашув асосида ҳар бир туманнинг имкониятларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган инвестиция лойиҳалари пакетини тайёрлаш топширилди.
