Ўзбекистон фармацевтика саноати: навбатдаги босқич — миқдордан сифатга
Бугунги кунда республикамизда 300 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда, сўнгги йилларда соҳага 1,8 млрд доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилди. Бироқ 2023 йилда маҳаллий ишлаб чиқариш ички бозор талабининг атиги 18 фоизини қоплагани муҳим бир саволни юзага чиқаради: ишлаб чиқариш салоҳиятини қандай қилиб реал рақобат устунлигига айлантириш мумкин?
Ҳиндистон тажрибаси шуни кўрсатадики, фармацевтика саноатининг барқарор рақобатбардошлиги заводлар сони билан эмас, балки биоэквивалентлик, илмий-тадқиқот ва халқаро сертификатлашни ягона ишлаб чиқариш-экотизимига бирлаштириш билан таъминланади.
Шу боис Ўзбекистон учун кейинги вазифа янги қувватларни кўпайтиришдан кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорга чиқишини тезлаштириш ва харажатларини камайтиришдан иборат бўлиши керак. Бунда рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, сифат инфратузилмасини кучайтириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришини кенгайтириш муҳим.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, бундай ислоҳотлар 188 млн долларгача қўшимча хусусий инвестиция ва 20 мингтагача иш ўрни яратиши мумкин.
Демак, фармацевтика соҳасининг кейинги босқичи корхоналар сонининг ўсиши билан эмас, балки халқаро стандартларга мос, юқори қўшилган қийматли ва жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган маҳсулотлар улуши билан баҳоланиши лозим.

