Давлат харидларида сунъий интеллект: рискларни бошқаришнинг янги босқичи
Давлат харидларида маълумотлар ҳажми ва операциялар сони ортиб бораётган бир шароитда сунъий интеллект технологиялари назоратни автоматлаштириш воситасигина эмас, балки рискларни олдиндан аниқлаш инструментига айланиши мумкин.
Халқаро амалиётда Machine Learning, LLM ва RPA технологиялари тендер маълумотларини таҳлил қилиш, шубҳали нарх шаклланишини, рақобатдаги аномалияларни ва эҳтимолий келишувларни аниқлашда қўлланилмоқда.
Масалан, Бразилиянинг “Alice” тизими 2023 йилда қарийб 191 мингта харидни таҳлил қилиб, 203 та аудит жараёни бошланишига асос яратган. Бунда аудитни бошлашгача бўлган ўртача муддат 400 кундан 8 кунгача қисқарган.
Ўзбекистон учун бундан чиқариладиган асосий хулоса шуки, СИ инсон қарорини алмаштирмаслиги, балки назорат органларининг аналитик салоҳиятини бир неча баробар ошириши керак.
Шу боис давлат харидлари платформасида СИга асосланган риск-аналитика модулини жорий этиш шубҳали харидларни эрта аниқлаш, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш ва назорат ресурсларини энг юқори рискли ҳолатларга йўналтириш имконини беради.
