Потенциал иш ўринлари ва касблар барометри
Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан Сирдарё вилоятида аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишнинг янги ёндашувлари доирасида меҳнат бозоридаги мавжуд ва истиқболдаги кадрлар эҳтиёжи ўрганилди.
Тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбатларда корхоналарда муайян касб ва кўникмаларга талаб мавжуд бўлса-да, ушбу талабга мос малакали кадрлар етишмаслиги аниқланди. Бу мавжуд ва потенциал иш ўринларини аниқлаш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўладиган касб ва кўникмаларни олдиндан баҳолаш заруратини кўрсатмоқда.
Халқаро амалиётда бундай номутаносибликларни бартараф этиш учун OECD ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Skills Anticipation ёндашуви қўлланилади. Ушбу ёндашув орқали иқтисодиёт тармоқлари ва корхоналарнинг жорий ва истиқболдаги кадрларга эҳтиёжи, меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги тафовутлар баҳоланиб, кадрлар тайёрлаш тизими ушбу эҳтиёжларга мослаштирилади.
Хусусан, Молдовада ҳар йили минглаб корхоналар қамраб олиниб, иш берувчиларнинг келгуси даврдаги кадрларга эҳтиёжи ўрганилади. Натижада, меҳнат бозори прогнози ва “Касблар барометри” шакллантирилиб, кадрлар етишмовчилиги ва ортиқча таклиф мавжуд касблар аниқланади ҳамда касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурлари шу асосда шакллантирилади.
Мазкур ёндашув янги иш ўринларини аниқлаш, кадрлар тайёрлашни иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш ва меҳнат бозоридаги номутаносибликларни камайтиришга хизмат қилади.
