Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилмоқда
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз, инвестициялар 8,9 фоизга ўсгани қайд этилди.
– Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим,
– деди давлатимиз раҳбари.
Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, саноат мактаби ва катта бозор каби имкониятлар борлиги таъкидланди.
Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилди. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм ажратилди.
Ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар шунга муносиб натижага айланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
