Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда

Об-ҳаво билан боғлиқ хавфларнинг кучайиши жаҳон шакар бозорида нархлар ўсишига олиб келмоқда

6 Октябрь 2026 15:00 5902 Чоп этиш

Bloomberg маълумотларига кўра, об-ҳаво билан боғлиқ хавфларнинг кучайиши жаҳон шакар бозорида нархлар ўсишига олиб келмоқда. 2026 йил 5 октябрь куни Нью-Йорк биржасида хом шакар фьючерслари 4,4 фоизгача ошиб, 2024 йил декабридан буён энг юқори даражага етди.

Асосий хавфлар Бразилияда кучли ёғингарчилик туфайли шакарқамишни йиғиб олиш ва қайта ишлашнинг секинлашиши ҳамда Бразилия реалининг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши, Ҳиндистонда эса муссон мавсумида ёғингарчилик 2015 йилдан буён энг паст даражада бўлиши натижасида шакар ишлаб чиқариш прогнозининг 30 млн тоннагача тушиши билан боғлиқ.

Шунингдек, Таиландда қурғоқчилик туфайли шакар ишлаб чиқариш ҳажми камида 17 фоизга қисқариши, Европада эса иссиқ об-ҳаво таъсирида ишлаб чиқариш сўнгги ўн йилликдаги энг паст даражага тушиши кутилмоқда.

Натижада, 2026/27 мавсумида жаҳон шакар бозорида тақчиллик юзага келиш эҳтимоли ошган. Ўзбекистонда эса маҳаллий корхоналарнинг йиллик шакар ишлаб чиқариш қуввати 1,2 млн тоннадан ортиқ бўлиб, ички эҳтиёжни қоплаш имконини беради. Бироқ, де-факто, хомашёнинг салмоқли қисми ташқи бозорлардан таъминланиши сабабли глобал нархлар ва таклифдаги ўзгаришлар ички бозорга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Қолаверса, 2026 йил январь–сентябрь ойларида республикага қиймати 405 млн долларга тенг бўлган 598 минг тонна шакар импорт қилинган бўлиб, бу ички бозорнинг ташқи таъминотга сезиларли даражада боғлиқлигини кўрсатади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech