Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, "Ақл маркази – ҳокимлик – Халқ депутатлари Кенгаши" тамойили асосида Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан Сирдарё вилоятининг туман ва шаҳарларида мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл хариталари” бугун Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 41-сессиясида муҳокама қилинди. Таҳлиллар натижасида ҳудудлардаги фойдаланилмаётган захиралар, тизимли муаммолар ва янги ўсиш имкониятлари ўрганилиб, “Йўл хариталари” доирасида 100 дан ортиқ чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур чора-тадбирлар саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва транспорт-логистика соҳаларидаги мавжуд имкониятларни сафарбар этиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳудуд иқтисодиётининг ўсиш драйверларини кенгайтириш имконини беради.Сессияда “Йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда уларнинг амалга оширилишини тизимли назорат қилиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Давлат харидларида маълумотлар ҳажми ва операциялар сони ортиб бораётган бир шароитда сунъий интеллект технологиялари назоратни автоматлаштириш воситасигина эмас, балки рискларни олдиндан аниқлаш инструментига айланиши мумкин.Халқаро амалиётда Machine Learning, LLM ва RPA технологиялари тендер маълумотларини таҳлил қилиш, шубҳали нарх шаклланишини, рақобатдаги аномалияларни ва эҳтимолий келишувларни аниқлашда қўлланилмоқда. Масалан, Бразилиянинг “Alice” тизими 2023 йилда қарийб 191 мингта харидни таҳлил қилиб, 203 та аудит жараёни бошланишига асос яратган. Бунда аудитни бошлашгача бўлган ўртача муддат 400 кундан 8 кунгача қисқарган. Ўзбекистон учун бундан чиқариладиган асосий хулоса шуки, СИ инсон қарорини алмаштирмаслиги, балки назорат органларининг аналитик салоҳиятини бир неча баробар ошириши керак. Шу боис давлат харидлари платформасида СИга асосланган риск-аналитика модулини жорий этиш шубҳали харидларни эрта аниқлаш, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш ва назорат ресурсларини энг юқори рискли ҳолатларга йўналтириш имконини беради.
Жаҳон банкининг Business Ready 2025 баҳолаши Ўзбекистонда бизнесни бошлаш учун институционал шароитлар яхшиланаётганини кўрсатади. Бизнесни бошлаш, жойлаштириш, коммунал ва молиявий хизматлар ҳамда солиққа тортиш йўналишларидаги натижалар бунинг далилидир.Бироқ иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизнес муҳитининг ҳақиқий сифати бизнесни бошлаш қулайлиги билан эмас, балки бозорда қиймат яратиш ва самарали рақобат қилиш имконияти билан белгиланади.Шу жиҳатдан, рақобат, низоларни ҳал этиш, халқаро савдо, шунингдек, бизнесни тугатиш ва тўловга қобилиятсизлик йўналишлари алоҳида аҳамият касб этади. Чунки самарали иқтисодиёт нафақат янги бизнесларнинг бозорга киришини таъминлайди, балки самарасиз фаолиятнинг бозорни тарк этиши ва ресурсларнинг янада самарали субъектларга йўналтирилишига ҳам имкон беради.